Абитуриентларга дастлаб давлат гранти, сўнгра тўлов-контракт асосида танловда иштирок этиши бўйича қўшимча имконият берилади

24-06-2021 | 4189

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ:

2021/2022 ўқув йили қабулида абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ҳамда фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.

Абитуриентларга рўйхатдан ўтиш жараёнида танлаган бакалавриат таълим йўналишлари устуворлигига қараб дастлаб давлат гранти, кейинчалик тўлов-контракт асосида танловда иштирок этиш бўйича қўшимча имконият берилади.

Бунинг учун абитуриентларга онлайн рўйхатдан ўтиш вақтида танлов учун устуворлик сифатида “давлат гранти” ёки “давлат гранти ва тўлов-контракт”дан бирини танлаш имконияти яратилади.

Бунда абитуриент устуворлик сифатида:

  • Давлат грантини танласа - дастлаб давлат гранти, сўнгра тўлов-контракт асосида;
  • Давлат гранти ва тўлов-контрактни танласа - олдинги йиллардаги каби давлат гранти ва тўлов-контракт асосида танлаган таълим йўналишлари бўйича кетма-кет танловда иштирок этади.

 

Давлат тест маркази матбуот хизмати