Давлат тест марказида қабул жараёнини такомиллаштириш бўйича муҳим давра сухбати бўлиб ўтди

05-10-2018 | 14406

2018-йил 5-октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатлар топшириш, «ягона дарча» тамойили бўйича Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилиши масаласини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва Тошкент давлат юридик университети вакиллари, шунингдек, Давлат тест маркази директори, директор ўринбосари, бошқарма ва бўлим бошлиқлари ҳамда тест синовларининг дастурий-техник таъминоти бўлими ходимлари иштирок этдилар.

Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш ҳудудлардаги Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилишини Давлат тест маркази қўллаб-қувватлаши таъкидланди.

Йиғилишда 2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш жараёнини юқори даражада ташкил этиш, абитуриентларни ортиқча оворагарчиликлардан ҳалос этиш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш асосий мақсад қилиб олинган ҳолда қуйидаги масалалар муҳокама қилинди:

  1. Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш жараёнини ташкил этишнинг амалдаги норматив-ҳуқуқий асослари ҳамда бундай турдаги хизматларни «ягона дарча» тамойили бўйича Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилишининг норматив-ҳуқуқий асослари.
  2. 2018/2019 ўқув йилида Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган абитуриентлар тўғрисидаги маълумотларни Давлат хизматлари агентлиги томонидан “ABITUR” дастурига киритишда юзага келган муаммолар, тажриба-синов натижалари, таҳлиллар, шунингдек, муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар.
  3. Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатлар топшириш бўйича 2019 йилги қабул жараёнининг ташкилий масалалари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари.

Йиғилиш сўнгида кун тартибида кўриб чиқилган масалалар долзарб эканлиги таъкидланди ва қайд этилган масалаларни ўрганиб чиқиш бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ та`лими вазирлиги, Давлат хизматлари агентлиги, Тошкент давлат юридик университети ва Давлат тест марказининг мас`ул ходимлари жалб этилган ишчи гуруҳ тузилди.