Жойларда фуқаролар учун сайёр қабуллар ташкил этилмоқда

16-12-2021 | 2853

Давлат тест маркази раҳбариятининг навбатдаги сайёр қабуллари Сурхондарё вилоятида Давлат тест маркази директори Каримов Маджит Маликович томонидан ўтказилди.

Қабуллар жорий йил 16 декабрь куни Термиз давлат университети академик лицейи, Термиз тумани «Янгиҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғинидаги 1-умумтаълим мактаби ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ қабулхонасида бўлиб ўтди.

Мазкур сайёр қабулларда иштирок этган фуқароларга Давлат тест маркази раҳбари томонидан олий таълим олиш, малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган долзарб ислоҳотлар самараси, давлатимиз раҳбарининг шахсий ташаббуси билан ёшларнинг замонавий таҳсил олиши учун яратилаётган шарт-шароитлар, имконият ва имтиёзлар, уларни асословчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти, таълим соҳасида инновацион ғояларни рўёбга чиқариш, ёшларнинг билимга чанқоқлиги рағбатлантирилаётганлиги хусусида маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, Давлат тест маркази фаолиятига тегишли масалалар билан мурожаат қилган фуқаролар шахсан қабул қилиниб, кўтарилган масалаларни ҳал қилишга яқиндан ёрдам берилди.

Шулар билан бир қаторда, Давлат тест маркази томонидан олий таълим муассасаларига ўқишга кирувчи абитуриентлар, уларнинг ота-оналари кириш тест синовларида яратилаётган қулайликлар, кейинги йил тайёргарлиги, кутилаётган ўзгариш ва янгиликлардан хабардор қилинди.

Давлат тест маркази раҳбарияти томонидан жойларда сайёр қабуллар ташкил этилиши давом этмоқда.

 

Давлат тест маркази матбуот хизмати