Навбатдаги сайёр қабуллар ўтказилди

21-01-2021 | 3922

2021 йилнинг 1-ярми давомида сайёр қабуллар ўтказиш режасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ташкил этилаётган сайёр қабуллар давом этмоқда.

Режа доирасида жорий йил 21 январь куни Давлат тест маркази директори ўринбосари Батиров Шерзод Негмуратович ва Давлат тест марказининг Қорақалпоғистон Республикасидаги бўлими ходимлари томонидан Қорақалпоғистон Республикасида сайёр қабуллар ўтказилди.

Биринчи қабул Нукус шаҳридаги 46-сонли ихтисослаштирилган мактабнинг мажлислар залида 220 нафардан ортиқ фуқаро – ёшлар, битирувчи ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналар иштирокида бўлиб ўтди. Шунингдек, шу куни Чимбой туманидаги ТошДАУ Нукус филиалининг академик лицейи фаоллар залида ҳам навбатдаги учрашув ташкил этилди ва унда 168 нафар битирувчи ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар, нодавлат таълим муассасаларининг ўқитувчилари иштирок этди.

Ҳар иккала табдир ҳам очиқ мулоқот тарзида ўтказилди ҳамда кириш тест синовларига оид энг сўнгги янгилик, киритилиши кутилаётган ўзгаришлар, тест синови ўтказиш жараёнларини соддалаштириш, тест топширувчилар учун янада кенгроқ имконият, қулайликларга асосланган шарт-шароитлар яратиш, мантиқий фикрлашга йўналтирилган тест топшириқларини шакллантириш ва умумтаълим фанларидан миллий тест тизимини жорий этиш, шунингдек, Давлат тест маркази фаолиятини тартибга солувчи янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шарҳи, мазмун-моҳиятига бағишланди.

Қизиқарли ва қизғин мусоҳаба тарзида ўтган учрашувлар давомида ўқувчилар ва ўқитувчилар, нодавлат таълим муассаса раҳбарлари, ота-оналар томонидан берилган саволларга мавжуд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида, батафсил жавоб қайтарилди ҳамда иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар ўрганиб чиқилиши айтилди.

 

Давлат тест маркази матбуот хизмати