Давлат тест маркази ёшлари билан очиқ мулоқот

22-01-2021 | 4398

Бугун Давлат тест маркази директори Каримов Маджит Маликович муассасада фаолият олиб бораётган ёшлар билан учрашди. Очиқ суҳбатга асосланган учрашув давомида ёшлар ҳаёти, ижтимоий ҳимоя, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, спорт билан шуғулланиш каби долзарб масалалар очиқ-ойдин таҳлил қилинди.

Йиғилишда таъкидланганидек, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йилида ёшларимизни қўллаш янги поғонага кўтарилди. Уларнинг олдига қўйилаётган мақсад, талаб ва таклиф, шунингдек, барча жабҳаларда келажакда истаги бор ёшларни ҳимоя қаноти остига олиш, орзу-умидини амалга оширишига кенг йўл очиш бўйича давлатнинг аниқ йўналиши белгилаб оланган. Президентимизнинг Ёшлар Форумида сўзлаган нутқи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари ва халқига йўллаган Мурожаатномасида ёшларга бўлган эътиборнинг юксак намуналари қайд этиб ўтилди.

Очиқ мулоқот жараёнида асосий эътибор Давлат тест маркази ёшларининг фаолиятини илмий изланиш билан бирга олиб бориш ҳолатига қаратилди. Давлат тест марказида бу масалада ёшлар учун барча зарур шарт-шароит яратилганлиги, муассасада ёшлар қарийб 40 фоизни ташкил қилса-да, уларнинг барчаси илмий-тадқиқот ишлари билан қамраб олинганлиги, пандемия шароити даврида тегишли маҳаллий ва хорижий муассасалар, мутахассислар билан яқиндан алоқа ўрнатилганлиги, Zoom платформаси ёрдамида хорижий ҳамкорлар билан иш олиб борилаётганлиги ва булар кейинги йилларда катта самара бераётганлиги таъкидлаб ўтилди. Шунинг баробарида охирги уч йилда 4 нафар ёшлар илмий-тадқиқот ишларини тугатиб, муваффақиятли ҳимоя қилгани эслатиб ўтилди.

Шулар билан бир қаторда, М.Каримов ўз сўзида, ҳар қандай вақт тиғизлигига қарамай, ёшларни илмий иш билан шуғулланишда вақт ва чегара бўлмаслигини илмий асосда тушунтириб, ёшларда ҳозирдан ҳаёт стратегияси бўлиши ва унга мудом амал қилиши, шахсда 40 ёшга киргунга қадар қизиқиш, ижодкорлик, фантазия юқори даражада бўлиши, айниқса ана шу ёшда илмий қўрғонини мустаҳкамлашда фойдаланиб қолишга чақирди.

Ўз навбатида, Давлат тест маркази раҳбарияти ёшларни мунтазам ижтимоий ҳимоя қилиш, спорт билан шуғулланиш учун яратилган имкониятларни янада кенгайтириш, шарт-шароитларни  янада яхшилаш, айниқса, илмий ишлар билан шуғулланишни муваффақиятли давом эттириш, уни янги юқори босқичга кўтариш бўйича ҳар қандай кўмакка тайёр эканлигини билдирди.

Қизғин мусоҳаба тарзида ўтган очиқ мулоқот пайтида ёшларнинг барча саволларига батафсил жавоб бериб борилди ва таклиф, фикр-мулоҳазалари тегишли бошқармалар томонидан ўрганиб чиқилиши белгиланди. Шунингдек, ёшлар билан раҳбарнинг бундай учрашувлари эндиликда ҳар ойда уюштирилишига келишиб олинди.

 

Давлат тест маркази матбуот хизмати