Сайёр қабуллар давом этмоқда

30-04-2021 | 4156

Давлат тест маркази раҳбарияти томонидан 2021 йилнинг 1-ярми учун белгиланган сайёр қабуллар ўтказиш режасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда Марказ фаолиятига оид масалалар юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этиш давом этмоқда.

Навбатдаги сайёр қабуллар Давлат тест маркази директори ўринбосари Раджабов Сардор Бахтиёрович томонидан Андижон ва Наманган вилоятларида ўтказилди.

Дастлабки сайёр қабуллар Андижон вилоятида 28 апрель куни Булоқбоши туманидаги 3-умумтаълим мактаби ва Андижон шаҳридаги Андижон машинасозлик институти академик лицейида ташкил этилди.

Кейинги сайёр қабуллар Наманган вилоятида 29 апрель куни Наманган шаҳридаги 41-умумтаълим мактаби ва Наманган туманидаги 26-умумтаълим мактабидада ўтказилди.

 Ёшлар, битирувчи ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар ва масъул шахслар иштирок этган мазкур қабуллар Президентимизнинг соҳага оид қарорлари, фамонлари, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да қабул қилинган Давлат дастуридан келиб чиққан ҳолда кириш тест синовларига оид энг сўнгги янгиликлар, кутилаётган ўзгаришлар, тест синови жараёнларини соддалаштириш, тест топширувчилар учун янада кенгроқ имконият, қулайликларга асосланган шарт-шароитлар яратиш, мантиқий фикрлашга йўналтирилган тест топшириқларидан кенгроқ фойдаланиш, умумтаълим фанларидан миллий тест тизимини жорий этиш, шунингдек, Давлат тест маркази фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қарорлар лойиҳалари шарҳи, мазмун-моҳиятига бағишланди.

Тадбирлар давомида катта қизиқиш билан қатнашган ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар, масъул шахслар ва бошқаларнинг саволларига батафсил жавоб берилди.

Шунингдек, сайёр қабуллар давомида 24-27 март кунлари бўлиб ўтган чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини аниқлаш тест синовларида B2 тилни билиш даражаси бўйича энг юқори натижа кўрсатиб, Давлат тест маркази томонидан ёшларнинг чет тилини ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш ва энг билимлиларини муносиб тақдирлаш мақсадида ўтказилган танлов ғолибларидан бирига айланган Б.М.Мухторов планшет ва бошқа эсдалик совғалар билан тақдирланди.

 

Давлат тест маркази матбуот хизмати