Давлат тест маркази директори томонидан сайёр қабуллар ўтказилди

17-02-2021 | 4326

“Давлат тест маркази раҳбарияти томонидан 2021 йилнинг 1-ярми давомида жисмоний ва юридик шахсларни жойларда қабул қилиш бўйича сайёр қабулларни ўтказиш жадвали” асосида жойларда сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.

Навбатдаги сайёр қабуллар 2021 йил 16-17 февраль кунлари Давлат тест маркази директори М.Каримов томонидан Сирдарё ва Жиззах вилоятларида Давлат тест марказининг мазкур вилоятлардаги бўлимлари ходимлари иштирокида ўтказилди.

Дастлаб сайёр қабуллар 16 февраль куни Сирдарё вилояти бўйича Сайхунобод туманидаги “Бахмалсой” маҳалла фуқаролар йиғини ва Сирдарё туманидаги “Деҳқонобод” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди.

Сайёр қабуллар 17 февраль куни Жиззах вилоятида давом эттирилиб, Ғаллаорол туманидаги “Гулистон” қишлоқ фуқаролар йиғини ва “Кўкгумбаз” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳамда Пахтакор туманидаги “Буюк ипак йўли” қишлоқ фуқаролар йиғинида ташкил этилди.

Мазкур тадбирлар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида 2020 йилда таълим муассасаларига қабул тест синовларида абитуриентларни қўллаб-қувватлаш ва янада кенг имкониятлар яратиш мақсадида тест синовлари жараёнларининг соддалаштирилганлиги ва қулай шарт-шароитлар яратилганлиги тўғрисида маълумотлар берилди.

Шунингдек, жорий йил қабулида ўтказиладиган кириш тест синовларида режалаштирилаётган янгиликлар ва ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилди.

Қабуллар жараёнида фуқаролар томонидан фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди.

Фуқароларнинг мурожаатлари шахсан кўриб чиқилиб, мурожаатчиларнинг саволларига тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида батафсил жавоб берилди.

 

Давлат тест маркази матбуот хизмати