ТЕСТ СИНОВЛАРИ ЯКУНЛАРИ ТАҲЛИЛИ ВА ИСТИҚБОЛ РЕЖАЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ

12-11-2018 | 7169

2018 йил 8 ноябр куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида 2018-2019 ўқув йили олий ҳарбий ва олий таълим муассасаларига қабул учун ўтказилган тест синовлари якунлари таҳлили ва истиқбол режаларига бағишланган навбатдаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманида Давлат тест маркази ходимлари томонидан жорий ўқув йили учун охирги таҳлиллар, кўрсаткичлар тақдим этилди. Шунингдек, тест синови ўтказиш жараёни давомида ютуқлар билан бир қаторда, юзага келган хато ва камчиликлар тилга олинди. 

Республика олий таълим муассасаларига кириш тест синовларида қўлланилган бу йилги тизим кейинги йилларда ҳам ҳар томонлама билимли, иқтидорли ёшларни олий таълим муассасаларига кириб таълим олишларида такомиллаштирилган ҳолда жорий этилиши, тест синовини ўтказиш шакли ва усулларини такомиллаштириш, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун етарли қулай шароитлар яратиш, шунингдек, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда қайд этилмай қолган тартиблар, масалан, тест синови куни узрли сабаблар боис иштирок эта олмаганлик, кечикиб келишлик, техник хатога йўл қўйилганлиги учун натижа чиқарилмаган тест материаллари тақдирига ойдинлик киритишлик, таълим муассасаларини аввал битирганлар билан шу йили битирганларни туркумлаш ва бошқаларни киритишга қаратилган ўзгаришлар ва янгиликлар бўйича ишлар олиб борилаётганлиги эътироф этилди. 

Оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб берилди.
Матбуот анжумани қизиқарли ва қизғин мунозараларга бой тарзда ўтди.

Ахборот хизмати