Тошкент вилоятида сайёр қабуллар ўтказилди

25-02-2021 | 3508

Давлат тест маркази раҳбарияти томонидан 2021 йилнинг 1-ярми учун белгиланган сайёр қабуллар ўтказиш режасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда Марказ фаолиятига оид масалалар юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этиш давом этмоқда.

Навбатдаги сайёр қабуллар Давлат тест маркази директори Каримов Маджит Маликович томонидан Тошкент вилоятида, хусусан, 23 февраль куни Ўрта Чирчиқ туманида “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини, 42-умумтаълим мактабида ва “Усмон ота” маҳалла фуқаролар йиғини, 39-умумтаълим мактабида, шунингдек, 24 февраль куни Бўстонлиқ туманида “Хумсон” маҳалла фуқаролар йиғини, 19-умумтаълим мактабида ва “Бирлик” маҳалла фуқаролар йиғини, 11-умумтаълим мактабида очиқ мулоқот шаклида бўлиб ўтди.

Ёшлар, битирувчи ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар ва масъул шахслар иштирок этган мазкур қабуллар Президентимизнинг соҳага оид қарорлари, фамонлари, Олий Мажлис депутатлари ва халққа мурожаатномаси, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да қабул қилинган Давлат дастуридан келиб чиққан ҳолда кириш тест синовларига оид энг сўнгги янгиликлар, кутилаётган ўзгаришлар, тест синови жараёнларини соддалаштириш, тест топширувчилар учун янада кенгроқ имконият, қулайликларга асосланган шарт-шароитлар яратиш, мантиқий фикрлашга йўналтирилган тест топшириқларидан кенгроқ фойдаланиш, умумтаълим фанларидан миллий тест тизимини жорий этиш, шунингдек, Давлат тест маркази фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қарорлар лойиҳалари шарҳи, мазмун-моҳиятига бағишланди.

Тадбирлар давомида катта қизиқиш билан қатнашган ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар, масъул шахслар ва бошқаларнинг саволларига батафсил жавоб берилди.

 

Давлат тест маркази матбуот хизмати