Ёшларимиз келажагимиз!

30-06-2020 | 7092

Жонажон ватанимизнинг оғир юкини енгиллаштираётган ёшларимизнинг таълим ва таҳсил майдонида жавлон ураётганлиги, ҳали ёш бўлишига қарамай, хавотирсиз жуда масъулиятли жиловларни қўлларига олаётганлиги келажагимиз ишончли қўлларда эканлигидан дарак беради.

Бу албатта, юртимизда ёшларимизга бўлган меҳр ва эътибор, улар учун ҳар соҳада кенг йўл очилганлиги, қўллаб-қувватлаш юксак дарадажа бўлаётганлигининг мевасидир.

Ҳаммага маълумки, олий таълим олувчи ёшларимиз сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Уларнинг олий даргоҳларда таҳсил олиши учун ҳозиргача амалиётда бўлмаган имтиёзу имкониятлар яратилмоқда.

Жорий йилда юртимизда давом этаётган мураккабликларга қарамай, олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга кириш бўйича анча енгилликлар, соддалаштиришлар йўлга қўйилди. Абитуриентларимиз бугун узоқ ёки яқин вилоятларга бормай, ҳатто уйдан чиқмай кўп талабларни бажармоқдалар. Масалан, 30 июнь куни соат 18.00 гача тест синовида иштирок этиш мақсадида жами 286 115 нафар ёшларимиз онлайн рўйхатдан ўтди.

Бугунги чекловларга қарамай, Ёшлар куни айёми туфайли, республикамизнинг барча ҳудудларида ёшларимизни қутловчи анжуманлар, тадбирлар уюштирилмоқда.

Шу муносабати билан Давлат тест маркази жамоаси номидан уларнинг ҳаракатлари муваффақиятли интиҳо топишини, барча ёшларимизнинг эзгу ниятлари амалга ошишини тилайман! Келажакда ёшларимизнинг ватанимиз кутганидек, забардаст, юксак маънавиятли ва савияли, илғор билимли инсон сифатида жаҳонга довруқ қозониб юришларига ишонамиз!

Азиз ёшлар! Барчангизга соғлик-саломатлик, муваффақият ва зафарлар ёр бўлсин!

 

Давлат тест маркази директори Мажид Каримов