Академик лицейлар битирувчилари учун чет тили имтиҳонлари бошланди

25-03-2021 | 1834

2021 йил 25 март куни республика академик лицейлари битирувчи босқич ўқувчиларининг чет тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонлари бошланди.

Тест синовларининг ёзма (тинглаб тушуниш, ўқиш, лексик ва грамматик компетенсиялар, ёзма иш) қисми 25-26-27 март кунлари икки сменада ташкил этилади ҳамда Давлат тест маркази ва академик лицей биноларида ўтказилади.

Бунда 1-смена 09:00 да, 2-смена 14:00 да бошланади. Талабгорлар тест синови ўтказиладиган жойга тест синови бошланишидан камида ярим соат олдин шахсини тасдиқловчи ҳужжат – паспорт (ID-карта) билан келишлари лозим.

Гапириш кўникмасини баҳолаш имтиҳонлари эса апрель ойида ўтказилади.

Республика академик лицейлари битирувчи босқич ўқувчиларининг чет тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 3 декабрдаги ПҚ-4910 қарорига асосан бепул тарзда ташкил этилмоқда.

 

Давлат тест маркази матбуот хизмати