Мамлакатимиз ҳудудида фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари ва журналистлар фаолиятида ҳеч қандай ноқонуний чекловлар йўқ. Бу Ўзбекистон Республикасининг тегишли Қонунларида белгилаб қўйилган ва кафолатланган.
Журналистларнинг ҳаётдан бир қадам олдинда бўлишлари шу омиллар билан тушунтирилади. Очиқлик, ошкоралик, ҳамма эркин фойдаланиши мумкинлиги, ҳаққонийлик ахборот эркинлигининг асосий принциплари бўлиб, барча оммавий ахборот воситалари вакиллари уларга риоя этишлари шартлигини эслатиш ўринсиз, албатта. Бироқ оммавий ахборот воситаларида юзлаб ҳаққоний, тезкор чиқишларнинг орасида биттагина ҳиссиётга берилиб ёзилган матннинг салбий оқибати кам бўлмаслиги ҳам бор гап.
Ҳаётимизда кейинги вақтлар юз бераётган қувончли воқеликлар моҳиятини жамоатчиликка етказиш, мазмун-моҳиятини тушунтиришда журналист кадрларимизнинг ўрни беқиёс ва салмоқлидир. Жумладан, kun.uz сайти ва вакиллари бу борада энг илғорлардан бири бўлди. Ижодий жамоанинг “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”, Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонунларимиз асосида фаолият юритаётганликларига шубҳа йўқ.
Жорий йил 1 августдан республикамиз олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул бўйича тест синовлари бошланди ва тадбирлар Президентимизнинг 2017 йил 16 ноябрдаги 3389-сон Қарорида белгилаб берилган вазифа ва топшириқлар асосида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарори билан тасдиқланган Низом талабларига мувофиқ ўтказилмоқда. Бунгача Давлат тест маркази ва деярли барча вазирлик, идоралар томонидан жуда катта ишлар амалга оширилди. Бу йилдан бошлаб жорий этилган янгича тартиб-қоидалар тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали жуда кўплаб чиқишлар қилинди, видеороликлар тайёрланди – бу ҳаммага маълум.
Амалга оширилган ишлар орасида янги Низом тайёрландики, бугунги кунда барча – абитуриент, журналист, умуман жамоатчилик у билан яхши таниш. Демоқчимизки, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибга асосан тест синови жараёнига кимлар киритилади, қандай тартибда иш олиб боради, биламиз.
Энди масалага ўтсак. 2018 йил 2 август куни kun.uz мухбири Зафар Солижоновнинг «”Адолат бўлмаса, ҳаммаси бир тийин”. Кириш имтиҳонларида қинғирликлар давом этмоқдами?» сарлавҳа остидаги мақоласи эълон қилинди. Мақолада таъкидланишича, 2 август куни Халқ истеъмол товарларининг кўргазма ярмарка савдоси Республика маркази биносига киришда Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат тест маркази ходимлари томонидан журналистга ўз фаолиятини олиб боришга баъзи “тўсиқлар” яратилган. Мақоладан журналист тест синови жараёнини ёритиш учун бинога киритилмаган ва бу у ерда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти каби нуфузли олийгоҳларга кириш тест синовлари ўтказилаётганлиги билан боғлиқ, деган фикр уйғонади. Ваҳоланки, қайд этилган олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар учун тест синовлари журналист борган 2 август куни эмас, балки бир кун олдин ўтказилган. Шундай бўлса-да, мазкур бино бўйича масъул С.Раджабов томонидан унга рухсат берилган ва тест синовларини ўтказиш тартибидан келиб чиқиб, абитуриентларга яқин масофда бўлмаслиги ва гуруҳлар орасида юриб, абитуриентлар фикрини чалғитиш мумкин эмаслиги эслатилган. Бироқ журналист тест синовларининг бошланишидан то якунланишига қадар бино ичида ҳаракатланиб юришини ва ўзи хоҳлаган объектларни расмга олишини таъкидлаган, бунга у юқори мансабдор шахслардан рухсат олганлигини, агар журналистга эркин ҳаракат қилинишига рухсат берилмаса ана шу шахсларга арз қилишини ДТМ вакили ҳамда ДХХ ходимига билдирган.
Шундан сўнг, воқеа ривожидан келиб чиққан ҳолда ДТМ вакили С.Раджабов бу ҳаракатлар Низом талабларига тўғри келмаслигини айтиб, журналистдан тест синови бўйича материал ва маълумотларни олгандан кейин бинони тарк этишини сўраган.
Мақоладан бир неча парча келтирамиз: “Кечадан бошлаб деярли барча оммавий ахборот воситаларида «Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари очиқлик ва шаффофлик билан ўтказилаётгани» ҳақида жар солинмоқда. Содда халқимиз ҳам бу сўзларга ишонмоқда, кўпчилик ниҳоят адолат қарор топишидан умид қилмоқда. Гуёки ҳаммаси рисоладагидек. Лекин, танганинг иккинчи тарафи ҳам мавжуд. Ростан ҳам ҳамма ерда тест имтиҳонлари адолатли олиб борилмоқдами? ...
... Барча биноларга ҳам боришни режалаштирдик. Лекин, бир бино борки, у ерга борилмаса бўлмасди. Бу бино Халқ истеъмол товарларининг кўргазма ярмарка савдоси Республика марказидир...
... Чунки, бу ер Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти ва шу каби бошқа нуфузли олийгоҳларда ўқиш истагини билдирган абитуриентлар имтиҳондан ўтказиладиган макон. Сирли макон".
З.Солижонов нега бундай эҳтирос, ҳиссиётга берилди? Нега давлатимиз раҳбаридан оддий фуқарогача мавжуд имконият ва кучларни тест синовларида адолатни ўрнатиш, шаффофликни таъминлашга қаратиш учун сафарбар қилаётган, жамоатчиликда шаклланиб бўлган салбий нуқтаи назарни юмшатаётган бир пайтда у аксинча йўл тутди? Жамоатчилик фикрини умуман бошқа томонга ўзгартиришдан нима наф? Ахир, муаллифда аниқ факт ва далил мавжуд бўлса, эълон қилиши, гумони ёки шубҳаси бўлса, журналист текшируви ўтказиши ёинки шу ондаёқ рухсат берилмаётганлиги тўғрисида Давлат тест марказига мурожаат қилиши, салбий ҳолатларнинг олдини олишда ҳамкорлик қилиши мумкин эдику?
Бундай мақолалар нафақат муаллифнинг, балки оммавий ахборот воситалари майдонида ўзининг мустаҳкам мавқеи, ўз сўзига эга kun.uz сайтининг обрўсига тўғри келмаса керак.
Шу ўринда Давлат тест маркази kun.uz сайти билан кенг жамоатчиликка тезкор ва аниқ маълумотлар етказиш бўйича ҳамкорлигини давом эттиришига ишонч ҳамда сайтда берилаётган маълумотлар ҳаққонийлик тамойилига йўғрилган бўлишига умид билдиради.
Давлат тест маркази