Миллий тест тизими учун онлайн рўйхатга олиш бошланди

01-12-2020 | 26472

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 октябрьдаги 646-сон қарорида 2020 йил 1 декабрдан бошлаб босқичма-босқич бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар мажмуасидаги умумтаълим фанларидан билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими жорий этилиши белгиланган.

Унга кўра, умумтаълим фанлари бўйича сертификатлаш қуйидаги муддатларда жорий этилади:

  • 2020 йил 1 декабрда она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) ҳамда математика фанлари бўйича;
  • 2021 йил 1 февралда кимё ва биология фанлари бўйича;
  • 2022-2024 йилларда физика, география ва тарих фанлари бўйича.

2020 йил 1 декабрь куни она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) ҳамда математика фанлари бўйича талабгорларни онлайн рўйхатга олиш бошланди.

Талабгорларни онлайн рўйхатга олиш my.dtm.uz сайти орқали 20 декабрга қадар давом этади.

Қарорда тест синовида иштирок этиш учун талабгордан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида тўлов ундирилиши белгиланган.

Сертификат тест синови натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаган шахсларга 3 йил муддатга берилади.

2021/2022 ўқув йили қабулидан бошлаб тегишли умумтаълим фанини (чет тили бундан мустасно) билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги сертификатга эга бўлган абитуриентга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл берилади.

 

Давлат тест маркази матбуот хизмати