Умумтаълим фанларидан миллий сертификат учун тест синови саналари белгиланди

03-06-2021 | 3343

Маълумки, 2021 йил 27 апрелдан 15 майга қадар она тили ва адабиёт ҳамда математика, 17 майдан 30 майга қадар эса кимё ва биология фанларидан миллий сертификатлаш тизими учун талабгорлар онлайн рўйхатга олинди.

Мазкур муддат давомида онлайн рўйхатдан ўтган ва тўловни амалга оширган талабгорлар учун тест синовлари 9-10 июнь кунлари ўтказилади.

Тест синовлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2 сменада ташкил этилиб, қуйидаги муддатларда бўлиб ўтади:

  • 9 июнь 1-смена - кимё;
  • 9 июнь 2-смена - математика;
  • 10 июнь 1-смена - биология;
  • 10 июнь 2-смена - она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти).

Талабгорлар тест жойи, куни ва вақтини my.dtm.uz сайти орқали шахсий кабинетидан билиб олишлари мумкин.

 

Давлат тест маркази матбуот хизмати